Ру En O'z
3 Январь 2022 1862

“Янги Ўзбекистон” мамлакатимизнинг ёш қаҳрамонига қучоқ очди

Бугун шахмат бўйича дунёнинг энг ёш жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовни тақдирлаш маросими кўплаб мутасаддилар, ҳамюртларимиз, ОАВ ва блогерларнинг диққат-марказидан ўрин олди. МОҚда ўтган тантанали тадбирдан сўнг иштирокчиларнинг барчаси ажратилган сайёҳлик автобусларида шаҳримиз кўчалари бўйлаб ҳамюртларимиз кўз ўнгида "Янги Ўзбекистон" боғига йўл олишди.

Шу тариқа маросимнинг давоми боғнинг бош майдонида ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири, мамлакат шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, Ёшлар ишлари агентлиги директори, Сенатор Алишер Садуллаев ва юзлаб ёшларимиз ҳамда пойтахтимиз меҳмонлари иштирок этдилар.

Тадбирда Азиз Абдуҳакимов Нодирбек Абдусатторовни қўлга киритилган муваффақият билан яна бир бор қутлаб, унинг Янги Ўзбекистоннинг спорт солномасига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг Нодирбекка халқимиз кўз ўнгида Президентимиз томонидан берилган совғалар яна бир бор тақдим қилинди.

Кўтаринки руҳда ўтган маросим якунида Нодирбек Абдусатторов кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибор учун ташаккур айтиб, келажакда бундай ишончни оқлашга ваъда берди. Шундан сўнг ёш чемпионимиз ва йиғилганлар эсдалик учун суратга тушишди.

Text to speech