Ру En O'z
3 Январь 2022 3464

Дунёнинг энг ёш жаҳон чемпионига 2 хонали уй, 250 миллион сўм ва давлат мукофоти топширилди

Хабарингиз бор, 26-30 декабрь кунлари Польшада шахматнинг блиц ва рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиб, унда ҳамюртимиз, 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов рапид йўналишида чемпионликни қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, ушбу муваффақият бир неча кун давомида спорт оламидаги барча нашрларни ларзага келтирди. 

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида спортчимизни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари, Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири, мамлакат шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Ёшлар ишлари агентлиги директори, Сенатор Алишер Садуллаев, Нодирбек Абдусатторовнинг яқинлари, кенг спорт жамоатчилиги, бир қатор ОАВ ва блогерлар иштирок этишди. 

Тадбир аввалида Абдужаббор Абдувоҳидов Нодирбек Абдусатторовга “Мард ўғлон” давлат мукофоти берилиши тўғрисидаги Президент фармонини ўқиб эшиттирди. Шерзод Асадов чемпионимизга Тошкент шаҳридан икки хонали уй калитини топширган бўлса, Азиз Абдуҳакимов Нодирбек Абдусатторовга 250 миллион, унинг мураббийлари Жаҳонгир Воҳидов ҳамда марҳум Дмитрий Қаюмовнинг оиласига 100 миллион сўмдан, блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида 8-поғонадан жой олган Жавоҳир Синдоровга 50 миллион, муносиб иштироки учун Шамсиддин Воҳидовга 25 миллион сўмдан пул мукофотларини топширди. 

Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон ва Қолақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саид ҳам Абдусатторовга ўзларининг табрикларини йўлладилар. 

Шубҳасиз, бундай эътибордан спортчимиз ва унинг ота-онаси фахр ҳиссини туйишди. 

“Президентимиз ва ҳукуматимизнинг бундай эътиборидан хурсандман. Насиб қилса, келгусида классик йўналишда ҳам жаҳон тожини кийишга ваъда бераман. Бу йўлда мени қўллаб-қувватаб турган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман”, – деди Нодирбек Абдусатторов. 

Маросим якунига етгач, ОАВ ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. 

Шунинг билан тадбирнинг дастлабки қисми ўз якунига етди. Спортчимизни қутлаш маросимининг давоми “Янги Ўзбекистон” боғида юзлаб ҳамюртларимиз кўз ўнгида ўтказилмоқда. Бу ҳақида келгуси мателиаримизда батафсил маълумот берамиз.

Text to speech