Ру En O'z
29 Декабрь 2021 2451

Павел Хан: “Мақсадимиз янги йилда янги чемпионларни кашф қилиш”

Тугаб бораётган 2021 йил унутилмас воқеаларга бой бўлди. Унда бир йил ортга сурилган Токио-2020 Олимпия ўйинлари ўтказилди. Бу нуфузли мусобақа кўплаб мухлисларга унутилмас ва қувончга бой онларни туҳфа етди. Ўзбекистон делегацияси учун ушбу Олимпия ўйинлари таэквондо бўйича тарихий олтин медал қўлга киритилгани билан янада эсда қоларли бўлди. Улуғбек Рашитов шарафига Японияда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 19 ёшли Улуғбек ёш бўлсада, фаолияти ёрқин ғалабаларга бой. Қаҳрамонимиз устози Павел Хан билан болалигидан бу муваффақиятлар сари қадам босган. Эътиборингизга таэквондо бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоа бош мураббийи билан ташкил қилган суҳбатимизни ҳавола қиламиз.

– Павел Афанасиевич, Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитовни қандай тасвирлаб бера оласиз?
– Улуғбекни 13 йилдан ортиқ вақтдан бери танийман. Рашитов билан бўлган илк учрашувимиз ҳамон ёдимда. Олти ёшли болакайни кўрганимда, унинг жисмоний кучи мени ҳайратга солган эди. Элементларнинг барчаси уйда мустақил ишлаб чиқилганини билгач, бу ўзбек таэквондосининг келажаги эканини англадим. Унинг жанговар характери мени ҳайратга солди. Ўша пайтда ҳам у қатъий, мақсади сари интиладиган бола эди. Олимпия медали сари босилган мураккаб йўл, албатта, астойдил машғулот орқали бўлди. Биз давлатимиз ишончини оқлай олганимиздан хурсандмиз.

– Дарҳақиқат, Олимпиада медали бебаҳо қувонч беради. 2021 йилда бошқа халқаро турнирлар ҳам бўлиб, унда атлетларимиз анча юқори натижа кўрсатишди. Бу муваффақиятлар мураббий сифатида сизга қанчалик мотивация беради?
– Мен учун спортчиларимизнинг ҳар бир медали қимматли, чунки унинг ортида улкан меҳнат, пухта ва қатъий тайёргарлик ётибди. Tокио-2020 дан олдин бўлиб ўтган қитъа чемпионатини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. 14-18 июнь кунлари Ливанда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз 10 та медаль қўлга киритиб, тарихимиздаги энг яхши натижани кўрсатдик.
Осиё чемпионати якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси учта олтин, битта кумуш ва олтита бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

– Бўлажак спорт мавсуми учун қандай мақсад қўйилган?
– Албатта, бу Хитойдаги эпидемиологик вазият туфайли кейинги йилга қолдирилган жаҳон чемпионати. Сўнгра Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари ва катталар ўртасидаги қитъа чемпионатида муваффақиятли иштирок этиш жамоамизнинг асосий мақсади.

– Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари учун терма жамоа таркиби қачон шаклланади?
– Осиё ўйинлари учун рўйхат ушбу мусобақалар олдидан оралиқ чемпионатлар натижалари асосида шаклланади. Бу ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ҳали вақт олдинда. Барчасини машғулот ва мусобақа натижалари кўрсатади.

– Ҳозирги кунда, терма жамоа қандай мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда?
– Айни пайтда янги мавсум учун терма жамоа таркибини шакллантиряпмиз. Айрим вазн тоифаларида ўзгаришлар бор, янги чемпионларни тайёрлаяпмиз. Тақвимга қараб мусобақаларда қайси спортчи иштирок этишини тақсимламоқдамиз.

– Суҳбат учун раҳмат. Янги спорт мавсумида сизга омад тилаб қоламиз!
– Раҳмат!

Text to speech