Ру En O'z
31 Декабрь 2021 2841

Балиқчилик ёш оғир атлетикачилар учун қўшалоқ байрам

Андижон вилоятининг Балиқчи тумани Олимпия ўйинлари рекордчиси Муаттар Набиевадек маҳоратли оғир атлетикачимизни етиштириб берган ҳудуд саналади. Ҳозирда Балиқчида Муаттар сингари жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни истовчи ёш ўғил-қизлар кўп. Байрам арафаси ана шундай ёшлар учун ўзига хос байрам туҳфаси ҳадя этилди.

Туман марказида замонавий шароитларга эга оғир атлетика зали тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Ушбу тадбирда Балиқчи тумани ҳокими Жасурбек Абдураимов, туман секторлари раҳбарлари, "САМО" компанияси бош директори, сенатор Акромжон Ғаниев, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Олимпия ўйинлари чемпионлари Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраев ҳамда кўплаб андижонлик ёшлар иштирок этишди.

Тадбир давомида чемпионларимиз ёш спортчиларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар катта экани ҳақида гапириб, бундан унумли фойдаланган ҳолда Ватанимиз ва ўз номларини дунёга танитиш учун астойдил меҳнат қилиш зарурлигини таъкидлашди. Бир сўз билан айтганда, ушбу зал балиқчилик ёшларнинг байрамона кайфиятига янада қувонч улашди.

Туман ҳокимияти ташаббуси билан қурилган ушбу залга Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси керакли инвентарларни етказиб берди. Шунингдек, ушбу масканнинг очилишида хизмат қилган мутасадди раҳбар ва бошқа вакилларга федерациясининг эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech