Лозаннада Халқаро қиличбозлик федерациясининг навбатдаги Конгресси иш бошлади
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро қиличбозлик федерациясининг навбатдаги Конгресси бошланди. Унда МОҚ ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова ҳам иштирок этмоқда.
Тадбирда мартабали меҳмон сифатида Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг қатнашаётгани унинг аҳамияти юқори эканидан далолат бермоқда.
Конгресс кун тартибидан ўрин олган асосий масала янги давр учун халқаро федерация бошқарувига янги раҳбар сайлаш бўлади. Таъкидлаш жоиз, бу ўринга ташкилотнинг амалдаги президенти Алишер Усмонов асосий даъвогар бўлиб турибди.
Шунингдек, тадбир давомида яқин давр учун қиличбозлик бўйича ўтказиладиган йирик мусобақаларга мезбонлар аниқланади. Биз учун аҳамиятлиси, Тошкент 2023 йил катталар ўртасидаги дунё биринчилигини ўтказиш бўйича ўз номзодини илгари сурган. Бу борада БААнинг Дубай ҳамда Италиянинг Милан шаҳарлари рақобатчи саналади.
Конгресс тафсилотлари билан келгуси мақолаларимизда таништириб борамиз.