Кучли йиғинлар – юқори натижалар кафолати
Маълумки, айни кунларда федерация ва ассоциацияларимиз Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича ўзларининг стратегик режаларини ҳимоя қилишмоқда. Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби вакиллари билан ўтаётган мазкур учрашувларда барча масалалар, муаммо ва камчиликлар ўртага ташланмоқда.
Йиғилишларнинг яна бир аҳамиятли томони унда янги Олимпия циклида терма жамоа таркиби ва Париж-2024 лицензияларига даъвогар бўлган спортчилар ҳам иштирок этишмоқда. Бундан атлетлар билан юзма-юз суҳбатлашиш, уларнинг ичидаги шижоатни, ғолиблик руҳини уйғотиш кўзланган. Афсуски, бундай иштиёқ барча спортчиларда ҳам кўринмаяпти. Суҳбат давомида улар кичик муаммоларни ўртага ташлашмоқда. Албатта, кўзларида ғалабага бўлган иштиёқ ва олов ёнмаётган баъзи спортчилар билан жисмоний машғулотлардан ташқари маънавий ва руҳий йўналишларда ишлаш керак.
Мусобақага тайёргарликда ташкилий жиҳатдан барчаси яхши бўлиши мумкин, бироқ идрок ва ватанга бўлган муҳаббат уйғунлашмас экан, керакли натижага эришиш даргумон. Мусобақада ринг, гилам, татами, йўлаклар, ҳавзалар ёинки, спорт майдонлари атлетнинг қандай тайёргарлик кўргани, унинг реал имкониятини очиқ ойдин кўрсатади. Шу боис мутасаддилар учрашувларда барча жиҳатга алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Президентимизнинг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарорида молиявий йўналишда ҳам янгича тизим иш олиб боришини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Бу борада Молия вазирлигининг Ғазначилик бўлими билан ҳамкорликда “UzASBO” тизими билан ишлаш йўлга қўйилмоқда. Ушбу тизим сарфланаётган маблағларнинг шаффофлигини, ҳисобдорлигини таъминлашда ёрдам беради. Бу орқали федерация ва ассоциацияларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятига енгиллик яратиш кўзда тутилган.
Ҳафта давомида Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрланаётган терма жамоамизнинг асосий вакиллари учун барча шароитларни яратиб бериш, маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини юқори савияда ташкиллаштириш мавзусида учрашиб, бир қатор масалаларни муҳокама қилиб олдилар.