“Coca Cola Uzbekistan” Бош директори МОҚга ташриф буюрди
Бугун МОҚ раҳбарияти “Coca Cola Uzbekistan” компаниясининг Бош директори Эзел Агаоглуни қабул қилиб, ҳамкорлик лойиҳалари бўйича суҳбат ўтказди. Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов иштирок этди.
Суҳбатда МОҚ раиси мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди.
“Давлатимиз томонидан аҳолимиз саломатлигини мустаҳкамлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг шиорларидан бири ҳам соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга қаратилган. Бу борада кўплаб қонун ҳужжатли, Қарор ва фармонлар имзоланган. Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда жорий йил “Спортни сев, спорт билан яша!” оммавий мусобақасини йўлга қўйганмиз. Бундан кўзланган мақсад юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини спорт билан банд қилиш”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Ўз ўрнида Равшан Ирматов ҳам компаниянинг Ўзбекистон футбол ассоциацияси, хусусан, Профессионал футбол лигаси билан 3 йилдан бери ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлади. ЎФА биринчи вице-президенти учрашув давомида Эзел Агаоглуни 4 декабрь куни Самарқанд шаҳрида ўтадиган Ўзбекистон кубогининг финал учрашувига таклиф этиб қолди.
Эзел Агаоглу самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилиб, келгусида ҳамкорлик лойиҳаларини кўриб чиқиш, футбол ва Олимпизм тарғиботи билан биргаликда ишлаш компаниянинг истиқболли режаларидан бири эканини таъкидлади.