Ру En O'z
24 Ноябрь 2021 2286

“Олимпик” йигитлари Париж-2024 йўлланмаси йўлида тобланишмоқда

Хабарингиз бор, Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун МОҚ қошида “Олимпик” футбол клуби тузилган. Бугун МОҚ ва ЎФА раҳбарияти, клуб мутасаддилари жамоанинг тайёргарлик стратегиясини муҳокама қилишди.

Йиғилишда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, “Олимпик” клуби директори Алишер Полатов, жамоа мураббийлар штаби ва футболчилар иштирок этишди.

“Олимпик” Про-лига мавсумини кўнгилдагидек якунлади. Ҳозир жамоа 2 декабрь куни Суперлига йўлланмаси учун кечадиган ўтиш ўйинига ҳозирлик кўрмоқда. Қайд этиш жоиз, ушбу клубда ёшлар терма жамоамизнинг вакиллари йиғилган бўлиб, халқаро мусобақаларда йигитлар Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўйинчилари сифатида жам бўлишади.

Йиғилиш аввалида Равшан Ирматов мавсум якунлари ва олдиндаги режалар ҳақида батафсил гапириб берди. Шундан сўнг Темур Кападзе ортда қолган ўйинлар бўйича фикр билдирди.

“Сўнгги ўтказган мусобақамизда Саудия Арабистони, Қувайт, Бангладеш ёшлари билан ўйнадик. Уларнинг кўпчилиги биздан 1-2 ёш катта бўлса ҳам, жисмоний ва тактик жиҳатдан улардан кам эмас эдик. Жамоа тузилишига, бизга ўзимизни кўрсатиш учун имкон берган ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳозирги мақсадимиз ўтиш беллашувида ғалаба қозониб, Суперлигага йўлланма олиш. Биз қанча кучли жамоалар билан ўйнасак, шунча ўса оламиз”, – деди жамоа бош мураббийи.

Якунда МОҚ раиси режалар бўйича ўз хулосасини айтиб ўтди:

“Таиландда ўтган Токио-2020 лицензион мусобақаси биз учун катта сабоқ бўлди. Йигитлар, ҳозир Сиз темир интизом билан мураббийларингиз бераётган кўрсатмаларга амал қилсангиз, албатта олдимизга қўйган мақсадимизга етишамиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбари барча шароитларни яратиб бермоқда. Сизлардан фақат олға интилишингизни сўраб қоламиз”.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон баскетбол федерацияси билан ҳам мана шу мавзуда учрашув ўтказилди. Унда федерация бош котиби Равшан Ганиев бошчилигидаги спортчилар қатнашдилар.

Суҳбат давомида Равшан Ганиев жамоанинг олдинда турган режалари, келаси йил кутилаётган халқаро мусобақалар, ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинлари борасидаги режалар ҳақида гапириб берди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, асосийси жамоа шуғулланиши учун муқим база масаласи ҳал қилинган. Йиғилиш давомида МОҚ раҳбари спортчилар билан суҳбатлашиб, федерация режаси бўйича ўзининг қўшимча маслаҳатларини билдирди.

Text to speech