Ру En O'z
24 Декабрь 2021 1717

Хоразмлик дзюдочилар умумжамоа ҳисобида пешқадамлик қилишди

21-23 декабр кунлари пойтахтимиздаги «Юнусобод спорт мажмуаси»да дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Уч кунлик муросасиз беллашувлар якунига кўра эркаклар ва аёллар ўртасида Хоразм вилояти дзюдочилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни банд этишди. Улар 3 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза, жами 14 та медал қўлга киритишди. Хоразмлик дзюдочиларнинг бу муваффақиятига аёллар терма жамоаси аъзолари муносиб ҳисса қўшишди.

Сурхондарёлик дзюдочилар ҳам 3 та вазнда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди. Лекин кумуш медаллар сони хоразмликларга қараганда камроқ бўлди – 3 та. Бронза медаллар эса бир хилда экани эътиборга молик жиҳат – 6 та! Кучли учликка 1 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза медали билан Тошкент шаҳри жамоаси якун ясади.

Умуман олганда, 14 та иштирокчи жамоадан 11 тасининг камида битта бронза медалига эга бўлгани вилоятларда дзюдо спорт турининг ривожланиб, ёшлар орасида оммалашиб бораётганидан дарак беради.

Text to speech