Ру En O'z
24 Декабрь 2021 3278

Тошкентдаги оғир атлетика бўйича дунё биринчилигида нечта жаҳон рекорди ўрнатилди?

Пойтахтимизда ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бир қатор вазн тоифаларида ўрнатилган янги рекордлар билан ёдимизда қолди.

Умуман олганда, мусобақа давомида жами 13 та турли ёш тоифаларидаги жаҳон рекорди қайд этилди. Улардан 4 таси аёллар беллашувида кузатилди. Нигериялик Жой Эзэ -71 кг вазн тоифасида икки мартадан силтаб кўтариш машқи ва икки кураш бўйича ўсмирлар жаҳон рекордини янгилади. Демак, энди 130 кг силтаб кўтариш, 230 кг икки кураш бўйича ўсмир қизлар тоифасида жаҳон рекорди сифатида қайд этилади.

Болгариялик ёш иқтидор эгаси Карлос Насар (-81 кг) эркаклар ўртасидаги 4 та рекордга муаллифлик қилди. 17 ёшли полвон даст кўтаришда 166 кг натижа кўрсатиб, янги рекорд қайд этди. Силтаб кўтаришдаги 208 кг эса барчанинг олқишига сазовор бўлди. Боиси ушбу кўрсаткич ҳам ўсмирлар, ҳам ёшлар, ҳам катталар ўртасидаги янги жаҳон рекорди сифатида расмийлаштирилди. Шунингдек, силтаб кўтаришдаги икки кетма-кет муваффақиятли уринишлари билан у икки курашда икки бор ўсмирлар рекордини ўрнатди (371 ва 374 кг).

Катталар ўртасидаги яна бир жаҳон рекорди -96 кг вазн тоифасида колумбиялик Лесман Парадесга тегишли бўлди. Атлет даст кўтариш машқида 187 кг билан ўз номини қайдномаларга алоҳида ёздириб қўйди.

Шунингдек, энг фантастик рекордлар +109 кг тоифасида кузатилди. Унда замонамизнинг афсоналаридан бири грузиялик Лаша Талахадзе барча дастурларда ўз рекордини янгилаб, дунёнинг энг кучли паҳлавони ким эканини кўрсатди. Лашанинг натижалари даст кўтаришда 225 кг, силтаб кўтаришда 267 кг ва икки кураш бўйича 492 кг га тенг бўлди. Қайд этиш жоиз, ушбу вазндаги беллашувлар давомида эронлик 18 яшар юлдуз Алиризо Юсуфи 237 кг натижа билан силтаб кўтаришда ёшлар ўртасидаги рекордга ўз номини битди.

Text to speech