Зайнаб Дайибекова: “Энди биринчи ўриндан тушмаймиз”
20-21 ноябрь кунлари Тошкент мезбонлигида ўтган қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогида қизларимиз муваффақиятли иштирок этиб, ҳам яккалик, ҳам жуфтлик йўналишида ғалаба қозонишди. Бугун МОҚда уларнинг зафарлари муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, терма жамоамиз мураббийи, 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов, мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилган қиличбозларимиз, ёш спортчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида Зайнаб Дайибекова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Мусобақада яккалик баҳсларидан кўра жамоавий дастур қийин бўлди. Негаки, унда бир ўзимиз эмас, жамоамиз шаъни учун ҳам жанг қиламиз. Аввалги мусобақаларда жамоавий дастурда ҳеч қачон биринчи бўлмаган эдик. Бу галги ғалабамиз бизга янада куч берди. Энди бу ўриндан ҳеч қачон тушмаслик учун ҳаракат қиламиз. Шу ўринда бизга шуғулланишимиз учун барча шароитларни яратиб бераётган давлатимизга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдириб қоламан.
Шунингдек, жамоа мураббийи Владимир Назлимов ҳозирги авлод келажакда жаҳоннинг энг кучли спортчилари бўлишига умид билдираётганини таъкидлади.
“Ҳозир федерациямизда бўлаётган ўзгаришлар ўз натижасини кўрсатмоқда. Мамлакатингизда яратилган шароитлар дунёнинг барча давлатларида ҳам йўқ. Фақат етакчи спорт державаларида учратиш мумкин. Олдимизга қўйилган мақсадларга етишиш фақат ўзимизга боғлиқ”, – деди 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони В.Назлимов.
Анжуман давомида журналистлар жамоамизнинг олдиндаги режалари, мусобақа таассуротлари ва бошқа мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.