Ру En O'z
23 Ноябрь 2021 1970

Ўзбекистон МОҚ ҳам “Яшил макон” лойиҳасига ўз ҳиссасини қўшди

Шу кунларда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга татбиқ қилинмоқда. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам фаол иштирок этиб, пойтахтимиз атроф-муҳитини яхшилашга ҳисса қўшди.

Кун давомида Қўмитамиз ходимлари пойтахтимизнинг Лабзак мавзеси, “Нурафшон” кўчасида жойлашган ҳудудда иш олиб борди. Ҳамкасбларимиз бу кўчанинг йўл четидаги майдонларига 300 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатларини экишди.

“Жамоамиз билан ушбу умуммиллий лойиҳага ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Ўзимиз ҳам анча жойга бундай кўчатларни экиб чиққанимизни кўриб ғурурландик. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида пойтахтимиз экологиясини яхшилашга ҳисса қўшганимиздан хурсанд бўлдик. Куни кеча пойтахтимизда юзага келган чанг бўрони сабаб атроф-муҳитга катта талафот етди. Шаҳримизда дарахтлар қанча кўп бўлса, экологиямиз учун шунчалик фойдали бўлади”, – деди Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш йўналишидаги бундай хайрия тадбирлари саломатлигимиз ва соғлом турмуш даражамизни юқори поғонага олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўтган йил март ойида ташкил этилган умуммиллий ҳашарда ҳам МОҚ айнан ушбу жойда 300 туп кўчат эккан эди. Бугун улар кўкка бўй чўзиб, тоза ҳаводан нафас олишимизга ҳисса қўшмоқда. Умид қиламизки, бугун экилган ниҳоллар эртага пойтахтимиз гўзаллагига кўрк қўшади.

Text to speech