Ру En O'z
23 Ноябрь 2021 2010

БААга сафар делегациямиз учун ҳар томонлама сермаҳсул ва самарали ўтди

БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб турган делегациямиз Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг 40-Бош Ассамблеяси доирасида мамлакатимизда спорт тараққиётини янада кучайтириш, хориж давлатлари билан тажриба алмашиш бўйича бир қатор учрашувларда иштирок этишди. Жумладан, делегациямиз раҳбари, ООК вице-президенти Отабек Умаров қитъамизда Олимпия ҳаракатида юксак тараққий этган давлатларининг спорт соҳаси етакчилари, Миллий Олимпия қўмиталари ва Халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Мазкур тадбирларда Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов ҳам қатнашди.

Дастурнинг муҳим учрашувларидан бири Иордания Олимпия қўмитаси президенти, Қироллик Олий Ҳазратлари Файсал Ал Ҳусайн билан ўтди. Халқаро спорт ташкилотларида йирик амалий тажрибага эга, ООК ва ХОҚнинг қатор комиссия ва қўмиталари раиси ва аъзоси бўлган шахс учрашув давомида мамлакатимизда Олимпия ҳаракати ривожидан яхши хабардорлигини кўрсатди.

Тан олиш лозим, Иордания сўнгги йилларда футбол, бокс, таэквондо каби спорт турларида сезиларли ўсишга эришмоқда. Учрашувда терма жамоаларимизнинг халқаро майдондаги иштирокини юксалтириш, натижаларни яхшилаш мақсадида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, йирик мусобақаларга биргаликда тайёрланиш бўйича фикр алмашилди. Самимий руҳда ўтган суҳбатда у ўз тажриба ва кўникмалари билан ўртоқлашди.

“Бизда кўплаб салоҳиятли алоқа нуқталари ва ривожланиш йўналишлари мавжуд, шунинг учун музокараларнинг асосий қисми бўлажак йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкорлик масалаларига бағишланди. Ишончим комилки, биз ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйдик, бу икки давлат учун ҳам манфаатлидир.” – деди учрашув якунларига кўра Отабек Умаров.

Делегациямиз аъзолари сафар давомида Бирлашган Араб Амирликлари Миллий Олимпия қўмитаси президенти Шайх Аҳмад бин Муҳаммад бин Рошид Ал Мактум ва БАА Спорт бош бошқармаси раиси, мамлакат МОҚ вице-президенти Доктор Аҳмад Абдуллоҳ Хумеид Бел Хул Ал Фаласи билан алоҳида учрашишди. Суҳбатда Ўзбекистоннинг кўплаб спорт йўналишларидаги етакчилик позициялари алоҳида қайд этилди. БАА, ўз навбатида, бундай салмоқли натижаларга эришиш имконини берувчи тажрибани ўзлаштиришдан манфаатдор.

Делегациямиз раҳбари ўз навбатида Шайх Аҳмад бин Муҳаммад бин Рошид Ал Мактумга кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, қуйидаги фикрларни илгари сурди: “Профессионал спортчи мамлакатнинг асосий спорт амалдорларидан бирига айлангани амирликларда жисмоний тарбия ва спорт тараққиётига хизмат қилади. Олий Ҳазратлари Яқин Шарқ учун анъанавий бўлган от спорти бўйича кўплаб мукофотлар ва халқаро унвонлар соҳибидирлар. Ишончим комилки, ушбу учрашув ҳар икки мамлакат Миллий Олимпия қўмиталари ўртасида янада яқин ҳамкорликка йўл очади, бу эса ўз навбатида ООКнинг стратегик мақсадларидан биридир. Агар бугун биз ташкилотимизнинг икки муҳим аъзоси ҳамкорлигига туртки бера олган бўлсак, бунинг ўзи катта муваффақиятдир.” – дея ўз фикрларини изҳор қилди Отабек Умаров.

Осиё хоккей федерацияси Бош котиби Муҳаммад Таяб Икром билан бўлиб ўтган учрашувда юртимизда спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш, бунда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Маълумки, ушбу мутахассис мамлакатимизга кўп бор ташриф буюради ва Ўзбекистонда чим устида хоккей спортини ривожлантириш учун катта ёрдам бериб келмоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Андижон вилоятида ушбу спортга ихтисослаштирилган замонавий майдон қурилган эди.

Шунингдек, бу инсон иштирокида 2019 йил декабрь ойида пойтахтимизда янги чим устида хоккей майдонининг қурилишига тамал тоши қўйилган. Унинг ташаббуси билан “Олимпия бирдамлиги” ташкилоти орқали кўрсатилаётган кўмак беқиёс. Ушбу кўмак шарофати билан Тошкентда бирданига иккита чим устидаги хоккей майдончаси ташкил этилмоқда. Бу эса 2025-йил Тошкентда ўтадиган ёшлар Осиё ўйинлари дастурига киритилган ушбу йўналишдаги ўйинларни юқори савияда ўтказиш имконини беради. Ўз навбатида, Муҳаммад Таяб Икром сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, спорт ривожига қаратилаётган эътибор ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдириб ўтди.

Мазкур учрашувлар давомида ООК вице-президенти Отабек Умаров давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича олиб борилаётган амалий ишлар, ҳукуматимизнинг бу борада қабул қилаётган норматив ҳужжатлари ҳақида гапириб берди.

Шунингдек, Осиё Олимпия кенгашининг Бош ассамблеяси доирасида ООК Президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх ва ООК бош директори доктор Ҳусайн Ал-Мусаллам билан музокаралар, Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари Робин Митчелл ҳамда Ташкилот Бош котиби Гунилла Линдберг билан самарали мулоқот ўтказилди. Соҳанинг етакчи мутахассислари билан тажриба алмашиш ўзбек спорти учун ҳар томонлама фойдалидир. Мазкур йиғилишлар орқали юртимиз спорти ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Text to speech