Ру En O'z
23 Ноябрь 2021 1997

Ўзбек шахмати фидойиларидан бири Аҳмаджон Иркабаев яқинларига ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон шахмат федерацияси асосчиларидан бири, шахмат жонкуяри, ёшларнинг севимли устози Иркабаев Аҳмаджон ака 73 ёшида вафот этди.

Аҳмаджон Иркабаев 1948 йилнинг 1 августида Қўқон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент политехника институти, Москва автомобиль йўллари институти ҳамда Россия Ички ишлар вазирлиги академияларида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида бошлаб, кейинчалик Тошкент шаҳар давлат автомобиль инспекцияси ва Ички ишлар вазирлиги давлат автомобиль назорати инспекциясида масъул лавозимларда ишлаган. А.Иркабаев 1990-1996 йилларда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси сифатида юртимизда ушбу ақл-идрок спорти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. У киши шахмат бўйича уч карра фахрийлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони ҳамда кўплаб ёш ва иқтидорли шахматчиларнинг устози саналади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши Аҳмаджон Иркабаевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Text to speech