Чим устида хоккей жамоамизда хорижлик мураббий иш бошлайди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Халқаро хоккей федерацияси ва Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясининг ҳамкорлигида Осиё хоккей федерацияси вакили, халқаро тоифадаги тренер Зоҳид Али Ўзбекистонга таклиф этилди.
Мутахассис иштирокида жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Андижон вилоятида, 20-21 ноябрь кунлари Самарқандда маҳаллий мураббийлар учун тажриба алмашиш, уларнинг малака ва маҳоратини ошириш мақсадида семинар ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов Зоҳид Али билан учрашиб, келгусида федерация фаолияти ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатимизда халқаро тадбирлар ўтказиш каби масалалар бўйича суҳбат олиб борди. Суҳбатда келишилган асосий масала ушбу мутахассиснинг яқин вақт ичида миллий терма жамоамизда мураббий сифатида иш бошлаши бўлди.
Самимий учрашув якунида Зоҳид Али Баҳодир Аҳмедовни жорий йилнинг 14-20 декабрь кунлари Бангладешда ўтказиладиган “Champions Trophy” халқаро мусобақасига таклиф қилди. Шунингдек, у Ўзбекистонда чим устида хоккей спортининг ривожланиши учун улкан потенциал борлигини ҳамда мазкур спорт турини ривожлантиришда доимий ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.