Ру En O'z
22 Ноябрь 2021 1985

Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси Париж-2024 Олимпиадасига 12 та йўлланма қўлга киритмоқчи

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги федерация ва ассоциациялар билан Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларини муҳокама қилишда давом этади. Бу гал Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси спортчи ва мураббийлари билан учрашув ўтказилди.

Йиғилишда МОҚ раҳбари Рустам Шоабудраҳмонов ҳамда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, Спортнинг қишки ва мураккаб турлари бўйича олий спорт маҳорат мактаби вакили, федерация мутасаддилари, шунингдек, Париж-2024 Олимпиадасига даъвогар спортчилар иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, ушбу спорт Олимпия ўйинларида энг кўп медаль ва йўлланмалар ўйналадиган турлардан ҳисобланади. Шу боис МОҚ раиси федерациянинг лицензиатлар борасида “драйвери” бўлиши лозимлиги, бунинг учун Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.

Ҳар бир федерациялар билан бўлгани каби бу гал ҳам спортчилар билан бирма-бир суҳбат олиб борилди. Бундан кўзланган мақсад уларда эртанги ғалабага бўлган ишончни кучайтириш ва ғолиблик руҳини сингдира олишдир.

Аҳамиятлиси, узоқ танаффусдан сўнг тажрибали мерганимиз, Лондон-2012 Олимпиадаси иштирокчиси Сакина Мамедовани ҳам Париж-2024 даъвогарлари қаторида кўриш мумкин. Умуман олганда, Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси бўлажак Олимпия ўйинларида 12 та йўлланма билан иштирок этишни мақсад қилиб қўйган.

Учрашув давомида айни пайтда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар, уларни бартараф этиш учун зарур чоралар, барча спортчиларни замонавий қурол ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш бўйича фикрлар билдирилди.

Text to speech