“Тошкент-2025” лойиҳаси ООК Бош Ассамблеясида улкан эътибор қозонди
Бугун БААнинг Дубай шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) юбилей 40-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Маълум қилганимиздек, унда ташкилот вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби, «Тошкент-2025» дирекцияси директори Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раисининг ўринбосари Азизжон Камилов иштирок этишяпти.
Отабек Умаров Ассамблеядаги чиқишида мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистон ривожи, унда жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратилаётган эътибор хусусида гапириб ўтди.
Кун тартибига мувофиқ, маърузачилар яқин вақт ичида қитъамизда кутилаётган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди. Улар орасида делегациямизнинг “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича тайёрлаган тақдимот ва ролик кўпчиликнинг диққат-марказида бўлди. Боиси, Тошкент мезбонлигида ўтадиган ушбу спорт байрами дастурига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ спорт турлари киритилиши режалаштирилган. Бу борада Ойбек Касимов ўз тақдимотида қитъадошларимизга батафсил маълумот берди. Жумладан, тақдимотдан аввал Ўзбекистон ҳақида умумий маълумотлар, унинг спортдаги қудратини ўзида мужассам қилган махсус ролик намойиш этилди. Эслатиб ўтамиз, ёшлар ўртасида ушбу мусобақадан сўнг илк бор пара-атлетларнинг ҳам беллашиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари, Таиланднинг Бангкок ва Чонбури шаҳарларида ўтадиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ва бошқа комплекс мусобақаларнинг ташкилий қўмиталари ҳам йиғилганларни ўз тақдимотлари билан таништирди.
Тадбир давомида ООКнинг мутасаддилари қитъамизда Олимпизм ғояларини янада кенг тарғиб қилиш бўйича режалар баробарида ташкилотнинг спортчилар, молия, тиббиёт, этика каби йўналишларида йил якунларилаги бағишланган ҳисобот қилишди.