Ру En O'z
21 Ноябрь 2021 1418

Бугун Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси ўз ишини бошлайди

Бугун Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) Бош ассамблеяси бўлиб ўтади. Мазкур тадбирдан аввал ташкилот Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ижроия қўмита аъзоси сифатида Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов иштирок этди. Йиғилиш кун тартибида қитъамиз спортида кутилаётган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик кўриш бўйича фикрлар алмашилди.

Тадбирда Осиё Олимпия кенгашининг бошқа раҳбарият вакиллари қаторида Миллий Олимпия қўмиталари ассоциациясининг амалдаги раҳбари Роберт Митчел ва Бош котиби Гунилла Линдберг ҳам қатнашди.

Бугун ООКнинг 40-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади. Унда ташкилот вице-президентлари, жумладан, Отабек Умаров Олимпизм тарғиботи, уни янги босқичга олиб чиқиш, белгиланган комплекс мусобақаларга тайёргарлик ҳақида тақдимот намойиш этишади. Ойбек Касимов тадбир иштирокчиларини мамлакатимизда «Тошкент-2025» IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништиради.

Тадбирнинг келгуси мезбони аниқлангач Бош Ассамблея ўз ишини якунлайди.

Ассамблея тафсилотлари билан келгуси хабарларимизда таништириб ўтамиз.

Text to speech