Шунингдек, Конгресс доирасида IWFнинг вақтинчалик раҳбари Майкл Ирани, Бош котиб Муҳаммад Жалуд ҳам сўзга чиқиб, Тошкентда ўтган дунё биринчилигига юқори баҳо беришди ва ушбу спорт истиқболи ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Тадбир давом этади. Унинг батафсил тафсилотлари билан келгуси материалларимизда таништириб ўтамиз.
Тошкентда IWFнинг Конгресси бўлиб ўтмоқда
Кўтаринки кайфиятда ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг пойтахтимизда IWF (Халқаро оғир атлетика федерацияси) конгресси бошланди. Унда ташкилотнинг ортда қолган йилдаги сарҳисоби, янги режалар муҳокама қилинмоқда.
Тадбир доирасида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, IWF Ижроия қўмитаси вакили Шаҳрулло Маҳмудов ҳам сўзга чиқиб, ортда қолган ЖЧ, оғир атлетика спортининг ривожи ҳақида фикр билдириб ўтди.
“Жаҳон чемпионатини ташкиллаштиришда ва юқори савияда ўтказишдаги кенг кўламдаги кўмак учун Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига алоҳида ташаккур билдирмоқчиман. Дунё оғир атлетикаси – битта катта оила. Ўзбекистон унинг фаол аъзоси. Шу маънода биз, спорт туримизнинг ривожи йўлида доимо ҳамжиҳат бўлишни қўллаб-қувватлаймиз. Тошкентда ҳаммамизга чексиз ҳаяжон бахш этган мусобақа, унда ўрнатилган янги рекордлар, янги жаҳон чемпионлари, янги истеъдодли спортчиларнинг кашф этилиши барчамизнинг ғалабамиздир. Халқаро оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг кейинги кенг қиррали фаолиятида, спорт туримизнинг ривожида барчамиз ҳамжиҳат ва якдил эканлигимизни алоҳида таъкидлайман”, – деди Ш.Маҳмудов.