Маълумки, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини илгари суриш, соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб бориш йўлида фаолият олиб боради. Спортчиларимизнинг Осиё ва Олимпия ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларидаги муваффақиятли иштирокини таъминлаш, бу орқали ёшларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш Қўмитамиз фаолиятининг бош ғояларидан бири. Бу борада Ўзбекистон МОҚнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари катта роль ўйнайди.
Ҳукуматимизнинг эътибори билан Қўмитамизнинг telegram (https://t.me/OlympicUz), Instagram (http://instagram.com/Olympic.uz) facebook (http://facebook.com/nocuzbekistan) ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари расмий тасдиқ белгисини (верификация) олди. Ушбу ҳаволалар орқали Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларини кузатиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ўзаро ҳамкорлик учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам ушбу ҳамкорликни изчил давом эттиришдан мамнун эканини билдиради.
Қўмитамиз бундан кейин ҳам Президентимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўлида юртбошимизга камарбаста бўлиб, ўз фаолиятини давом эттиради.