Тошкент 2025 йил ёшлар Параосиё ўйинларига ҳам мезбонлик қилади
Юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз томонидан алоҳида этибор қаратилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши ва унинг асосида мамлакатимизда Паралимпия қўмитасининг ташкил этилиши паралимпия спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизими учун йўл очиб берди.
Спортнинг бу йўналишига кўрастилаётган эътибор натижасида 2025 йилги ёшлар ўртасида Параосиё ўйинларига Тошкент илк бор мезбонлик қилади. Бу ҳақда Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид томонидан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси номига юборилган хатда маълум қилинган.
Жорий йилнинг май ойида Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид юртимизга ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов фахрий меҳмон билан учрашиб, 2025 йилги ёшлар ўртасида Параосиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш таклифини илгари сурганди.
Куни кеча Осиё Паралимпия қўмитаси бу борада ўзининг якуний қарорини эълон қилди ва унга кўра, 2025 йилги ёшлар ўртасида Параосиё ўйинлари мезбонлиги Тошкентга тақдим этилди.
Таъкидлаш лозим, 2025 йилги ёшлар ўртасида IV Параосиё ўйинларини қабул қилиш учун қитъамизнинг бир қатор етакчи давлатлари даъвогарлик қилишган эди. Якунда Осиё Паралимпия қўмитаси Тошкент шаҳри номзодини қўллаб-қувватлади. Мамлакатимизда паралимпия спорт турларини ривожлантиришга шахсан юртбошимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бу борада махсус қарор имзоланиб, жисмоний имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор берилаётгани якунда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Дарвоқе, яқинда юртимизга ташриф буюрган Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс ҳам Ўзбекистон Паралимпия спорт турлари бўйича энг нуфузли мусобақаларни қабул қилиш салоҳиятига эга эканлиги ва яқин келажакда юртимизда йирик халқаро мусобақалар ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган эди.
Эътиборлиси, шу пайтга қадар ҳеч қайси давлат томонидан ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари кетма-кетликда ўтказилмаган. 2025 йилда Тошкент шаҳри ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинларига мезбонлик қилиш орқали йирик комплекс мусобақаларни қабул қилиш борасида яна бир имтиҳондан ўтади.