Ру En O'z
19 Ноябрь 2021 1911

Владимир Назлимов: “Мақсадимиз фақат олтин медаль!”

Хабар берганимиздек, 20-21 ноябрь кунлари Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади. Бугун МОҚда ушбу мусобақа олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, 12-14 ноябрь кунлари Коста-Рикада шпага бўйича ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги ғолиблари (мусобақада жамоамиз 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган), терма жамоа мураббийлари ҳам иштирок этишди. Даставвал шпагачиларимиз ва уларнинг мураббийлари мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашишди.

“Олдимизда аниқ мақсад бор. Бу мусобақа келаси йил бошида бизни кутаётган ёшлар ўртасидаги Осиё ва жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Унда жамоавий йўналишда қўлга киритган ғалабамиздан сўнг жаҳон рейтингида Осиёнинг иккинчи жамоасига айланиб олдик. Қизларимиз мусобақада ақлли, чиройли жанг кўрсатишди, қўйилган вазифаларни аъло даражада бажаришди”, – деди жамоамизнинг венесуэлалик мураббийи Хосе Бенавидес.

Сингапур менежментни ривожлантириш институти спорт мажмуасида ўтадиган сабля мусобақаси аввалидан жамоамиз мураббийи, 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Тошкентда йирик мусобақаларнинг ўтказилиши эртанги натижалар учун жуда фойдали. Унда фойдаланиладиган инфратузилма қурилаётган Янги Ўзбекистоннинг эртасига хизмат қилади. Мамлакатда иқтидорли ёшлар кўп. Зайнаб Дайибекова, Шерзод Мамутов ва бошқа таниқли спортчиларимиз Қорақалпоғистон мисолида қилинган кучли селекция мисоли. Бўлажак мусобақада нимани режалаштиряпмиз? Фақат олтин медаль! Яккалик ва жамоавий йўналишда ҳам фақат юқори натижа учун ҳаракат қиламиз”, – деди мураббий.

Анжуман давомида ОАВ ходимлари мусобақада иштирок этадиган спортчиларимизнинг тайёргарлиги ва бошқа саволларга жавоб олишди.

Text to speech