Ру En O'z
18 Декабрь 2021 2283

83 ёшли отахон шарқий осиёлик кураш мураббийларига маҳорат сабоқлари кўрсатиб берди

Айни кунларда ўзбек миллий курашини нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда янада оммалаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири Халқаро кураш институти томонидан йўлга қўйилди.

Унга кўра, Шарқий Осиё мамлакатлари: Хитой, Макао, Хитой Таипейи, Мўғулистон, Корея Республикаси, Гонконг ва Япония мураббийларига кураш сир-асрорларини янада чуқур ўргатиш мақсадида халқаро семинар ташкил этилмоқда. Бугун Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида онлайн семинарнинг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, ЎзЖОКУ ректори, Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти Шерзод Қудратхўжаев, Осиё-Океания кураш ассоциацияси раҳбари Комил Рўзиев, Халқаро кураш институти мутасаддилари, маҳаллий мураббий ва ёш спортчиларимиз жам бўлишди. Тадбирда МОҚ раҳбари сўз олиб, курашнинг Президентимиз қўллаб-қувватлаши билан тобора ривожланиб бораётгани ҳақида гапириб ўтди.

“Сир эмаски, муҳтарам Президентимиз бошчилигида барча спорт турлари қаторида ўзбек миллий курашини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида миллий спортимиз жаҳон узра янада кенг оммалашмоқда. Ҳозирги кунда Халқаро кураш институти ҳар қачонгидан ҳам фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда. Бугун ўтказилаётган илмий анжуман ҳам миллий курашимиз ривожи йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади деб айтиш мумкин. Ушбу семинар бугунги кун талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишда йўлида беқиёс аҳамият касб этади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ушбу семинар хорижлик мураббийлар учун онлайн форматда ташкил этилди. Айниқса, унинг доирасида фахрийлар ўртасида 2 карра жаҳон чемпиони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози 83 ёшли Абдурашид ота Мирзаевнинг бой тажрибаси асосида кўрсатилган маҳорат сабоқлари кузатувчиларда илиқ таассурот қолдирди. Шунингдек, тадбир доирасида миллий курашимиз тарғиботини янада оммалаштириш мақсадида ЎзЖОКУ ҳамда Халқаро кураш институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Text to speech