Ру En O'z
18 Декабрь 2021 1992

МОҚ раҳбари Тошкент вилоятининг икки туманидаги БЎСМлар фаолияти билан танишди

Ҳукуматимизнинг халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилиш бўйича берган топшириғига асосан бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Тошкент вилоятининг икки туманида бўлиб, у ерлардаги вазият билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида МОҚ раҳбари Юқоричирчиқ ва Паркент туманларида бўлиб, ҳудудлардаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида яратилган шароитлар билан танишди. Қайд этиш жоиз, бу орада хапкидо бўйича ўтказилаётган мусобақа орқали мавжуд инфратузилма ва ёшларнинг салоҳиятини кўздан кечириб олиш мумкин эди.

Шундан сўнг Рустам Шоабдураҳмонов МОҚнинг Тошкент вилояти вакили, жойлардаги БЎСМ директорлари билан суҳбатлашиб, туманлардаги спорт мактаблари ҳолати, умумтаълим мактабларида ўқиётган ёшларнинг қанчаси спортга қамраб олингани, уларнинг спорт инвентарлари билан таъминланганлик даражаси, у ерда яратилган шароит ва муаммоларни ўрганди. Шунингдек, МОҚ раҳбари жойлардаги эпидемиологик вазиятга жиддий эътибор қаратиш, қишки мавсумда иситиш тизими билан юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

Text to speech