Ахрол Рўзиев, Камиль Фаткулин, Эркин Шагаев ва бир нечта мутахассисларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши томонидан юртимиз спортини ривожлантириш йўлида хизмат қилган фидойиларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган самарали ишлар давом этади. Бугун кенгаш томонидан ана шундай тадбирлардан бири ўтказилиб, унда 15 нафар спорт фидойиларига “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбирда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бир гуруҳ фахрийларимиз иштирок этишди. Даставвал Баҳодир Махситов Президентимизнинг фахрийларга кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлиги хусусида сўз олиб, олдинда турган режалар ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг Бирлашган кураш дунёси вице-президенти, профессор Ахрол Рўзиев, узоқ йиллар спорт курашлари бўйича терма жамоамизда устозлик қилган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Камиль Фаткулин, сув полоси бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Эркин Шагаев каби яна 12 нафар фидойиларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.
Шундан сўнг МОҚ раҳбари сўз олиб, фахрийларимизга ўзининг илиқ тилакларини билдириб ўтди.
“Авваламбор, барчангизга спортимиз ривожи учун қўшган хиссангиз, узоқ йиллик меҳнатингиз учун ташаккур айтамиз. Ҳурматли юртбошимиз ўзлари барпо этаётган Янги Ўзбекистонда барча соҳага, шу жумладан, фахрийларимизга ҳам катта эътибор қаратмоқдалар. Сизлардаги узоқ йиллик тажриба билан спортимиз ривожланмоқда. Ҳали ҳамон терма жамоаларимиз машғулотига бориб, атлетларимизга ўз маслаҳатларингизни бериб турсангиз, биз бундан мамнун бўламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Тадбир якунида фахрийларимиз давлатимизнинг уларга кўрсатаётган ғамхўрлигидан мамнун эканлигини билдиришди.