Ру En O'z
19 Ноябрь 2021 1815

Шарофиддин Болтабоев ва Зайнаб Дайибековани табриклаймиз!

Бугун Қопақалпоқ заминидан етишиб чиққан икки ажойиб спортчиларимиз Шарофиддин Болтабоев ҳамда Зайнаб Дайидекова таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.

Шарофиддин Болтабоев 1995 йил 19 ноябрь куни туғилган. Дзюдочимиз фаолияти давомида Осиё чемпионатларида икки бор финалгача етиб борган. 2019 йил Тошкент Гран-приси ғолиби ва жорий йил эса Париж ва Тошкент “Катта дубулға” турнирларининг кумуш медаль соҳиби, шунингдек, бошқа кўплаб нуфузли мусобақалар ғолиб ва совриндори ҳисобланади. -81 кг вазн тоифасида Токио Олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган.

Зайнаб Дайибекова 2002 йил дунёга келган. Қиличбозимиз ёш бўлишига қарамай катталар миқёсида ўтадиган мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Аҳамиятлиси, айнан у қиличбозларимиз орасида илк бор жаҳон кубогида ғалаба қозонган спортчимиз ҳисобланади. Дайибекова бу муваффақиятга 2019 йил ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақада эришган эди. Шунингдек, ўтган йил Миллий спорт мукофоти сарҳисоби бўйича “Йилнинг энг яхши ёш ва истиқболли спортчиси” номинациясида ғолиб чиққан. Токио-2020да қиличбозларимиз орасида Олимпия ўйинларида кучли саккизликка кирган биринчи спортчимиз бўлди. Кўрсатган натижалари эвазига давлатимиз томонидан “Шуҳрат” ва “Жасорат” медаллари билан тақдирланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки спортчимизни таваллуд айёмлари билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан ғалабалар тилаб қолади.

Text to speech