Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров юртимизда Олимпизм ва спорт тарғиботи масалаларига бағишланган йиғилишда қатнашди
Бугун МОҚда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров иштирокида юртимизда Олимпизм ҳаракати ва спорт тарғиботи бўйича олиб борилаётган ишлар мавзусига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталарининг мутасадди раҳбарлари иштирок этишди.
Учрашувда МОҚ Бош котиби, «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари дирекцияси директори Ойбек Касимов 21 ноябрь куни БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган ООКнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси учун тайёрланган тақдимотни намойиш этди. Таъкидлаш жоиз, Бош Ассамблеяда делегациямиз қитъадошларимизни ушбу тақдимот билан таништиради.
Айни пайтда Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан бўлажак мусобақага катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Тақдимот ҳақида маълумот берган Ойбек Касимов мусобақага қурилаётган объектлар, унинг таркибига кирадиган спорт турлари, транспорт ва бошқа йўналишлар ҳақида тўхталди. Шунингдек, йиғилишда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов терма жамоаларимизнинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик стратегияси ҳақида маълумот берди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, иштирокчилар келаси йил январь ойида Ўзбекистон МОҚнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш бўйича ўтказиладиган тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқишди. Тадбир давомида мамлакатимиз спорти тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш каби шу ва бошқа мавзулар юзасидан фикр алмашилди.