МОҚда “Муқаддассан Ватан байроғи” шиори остида байрам тадбири ўтказилди
Бугун Ўзбекистон МОҚда 18 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Муқаддассан Ватан байроғи” шиори остида байрам тадбири ўтказилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, шунингдек, МОҚ ва унинг қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни Баҳодир Махситов очиб берди ва ватанимиз равнақи, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини юксалтиришда байроқнинг ўрни ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг МОҚ матбуот хизмати томонидан бугунги сана муносабати билан таниқли атлетларимиз иштирокида тайёрланган махсус видеоролик қўйиб берилди. Тадбир давомида Қўмита ва тиббиёт маркази ходимлари давлатимиз рамзлари ҳақидаги шеърлари билан даврага янада илиқлик киритдилар.
МОҚ раҳбари якуний сўз ўрнида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Байроғимиз бу ватанимиз, давлатимизнинг тимсоли. Буни спортчиларимиз биринчилардан бўлиб жаҳонга машҳур қилишади. Баралла айтишимиз мумкинки, атлетларимизнинг ғалабалари билан бутун дунё байроғимизни таниб олди. Бунинг орқасида албатта ҳурматли Президентимизнинг спорт ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаши ва эътибори турибди”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Тадбир якунида МОҚ раҳбари барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдириб, ушбу сана муносабати билан ўзининг самимий тилакларини билдириб ўтди.