“Кураш ҳафталиги” ҳамюртларимизга қувонч улашмоқда
Шу кунларда юртимиз бўйлаб катта кураш байрами ўтказилмоқда. Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан 13-20 декабрь кунлари мамлакатимизда “Кураш ҳафталиги” эълон қилинди. Жойларда ҳафталик доирасида кураш мусобақалари, семинарлар, учрашувлар ташкил этилиши белгиланиб, бу орқали Президентимиз илгари сураётган ғоя – соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, юртдошларимизга ўз қадриятларига ҳурмат руҳини сингдириш, ҳамда кураш спорти билан шуғулланувчилар сафини кенгайтириш кўзда тутилган.
Эътиборлиси, “Кураш ҳафталиги” доирасидаги бир қатор спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Жумладан, Тошкентдаги “Универсал” спорт мажмуасида “Прокуратура полвони” республика турнири ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди. Мазкур ҳафталикнинг очилиш маросими ҳам тантанали руҳда ўтказилиб, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни ўзида мужассам қилган бадиий чиқишларга бой бўлди. Тадбирда сўз олган МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов давлатимизнинг курашни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборига алоҳида тўхталиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилаб ўтди.
Бугун ҳафталик доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида Ўзбекистон чемпионати, 18 декабрда талабалар ўртасида халқаро турнир, 19 декабрда эса “Ўзбек полвони” республика турнири ҳамда 20 декабрда клублар ўртасида мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон кураш федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу кураш мусобақаларининг тизимли ўтказилиши натижасида мамлакатимизнинг икки мингдан зиёд ёшларини спорт машғулотлари билан қамраб олиш кўзда тутилган.