Ру En O'z
17 Ноябрь 2021 1827

Жаҳон чемпионатига тайёргарлик режалари кўриб чиқилмоқда

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7-17 декабрь кунлари Тошкентда оғир атлетика бўйича илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Айни пайтда мамлакатимизда ушбу мусобақага катта ҳажмдаги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун ушбу мавзу юзасидан муҳокама учун Халқаро оғир атлетика федерациянинг (IWF) мусобақаларни ўтказиш бўйича менежери Матяш Ленчер, ташкилот бизнес администратори Мария Черешнеш, IWF бўлим директори Лилла Шаги МОҚга ташриф буюришди.

Меҳмонларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. Уларга Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамроҳлик қилди.

Суҳбат давомида Ойбек Касимов ушбу мусобақани ўтказишга мамлакатимизда катта тайёргарлик олиб борилаётгани, хусусан, ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаётгани ҳақида гапириб ўтди.

“Пойтахтимиз шу пайтгача оғир атлетика бўйича кўплаб мусобақаларни юқори савияда ўтказган. Энди навбат катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига. Қаторасига икки Олимпия ўйинларида атлетларимиз олтин медаль ва рекордларни қўлга киритаётгани мамлакатимиз ёшлари орасида ушбу спорт турига бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлмоқда. Президентимиз спорт тарғиботини янада кучайтириш учун мамлакатимизда йирик нуфуздаги халқаро мусобақаларни ўтказиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Бўлажак жаҳон чемпионати ушбу вазифанинг амалий ижроси бўлибгина қолмай, аҳолимиз орасида спорт тарғиботи йўлида яна бир муҳим қадам бўлади”, – деди Ойбек Касимов.

Суҳбат давомида дунё биринчилигини юқори савияда ўтказиш, унинг трансляцияси билан боғлиқ масалалар қаторида мусобақадан сўнг ўтадиган халқаро ташкилот Конгрессига тайёргарлик ҳақидаги мавзулар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида меҳмонларга миллий урф-одатимизга кўра эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech