Федерацияларимиз амалга оширадиган харажатлар янги тизим билан оптималлаштирилади
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида терма жамоаларимиз учун амалга ошириладиган сарф-харажатлар тизимини оптималлаштириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Молия вазирлиги мутасаддилари, Республика олий спорт маҳорати мактаблари директорлари, федерация ва ассоциациялар бош котиблари ва молия-иқтисод йўналиши вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишни МОҚ раҳбари олиб борди. Рустам Шоабдураҳмонов сўз ўрнида Президентимизнинг спорт соҳасига оид қабул қилган қарорлари ижросини таъминлашда иқтисодий йўналишдаги ишларни тўғри амалга ошириш бўйича гапириб ўтди. Шундан сўнг Молия вазирлиги масъул ходими Улуғбек Абдуқаҳҳоров соҳадаги янгилик ҳақида тўхталди.
Унга кўра, федерацияларимиз амалга оширадиган харидлар, маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақаларда иштирок этиш учун ажратилган маблағлар янги тизим билан назорат қилинади. Мутахассислар бу тизим қандай ишлаши, унинг қулайлиги ҳақида маълумот беришди. Қайд этилишича, бу орқали амалга ошириладиган давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш, молиявий операцияларнинг тезкорлигини йўлга қўйиш мумкин.
Йиғилиш давомида мутахассислар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб, хизмат фаолиятлари давомида учрайдиган муҳокамали вазиятлар бўйича фикр алмашишди.