МОҚ раиси тоғда йиғин ўтказаётган жамоамизнинг тайёргарлигидан хабар олди
Айни пайтда қиличбозликнинг сабля ва рапира йўналиши бўйича терма жамоамиз вакиллари Тошкент вилояти Ангрен шаҳри яқинидаги базада ўқув-машғулот йиғини олиб бормоқда. Бугун МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов федерацияга ташриф буюриб, Янгиободда йиғин ўтказаётган жамоаларимиз билан онлайн боғланди ва яқин режаларни муҳокама қилди.
Онлайн учрашув давомида йиғин ўтаётган жойдан терма жамоамиз мураббийи, 3 карра Олимпия ўйинлари ғолиби Владимир Назлимов суҳбатга қўшилди.
«Давлатимиз юқори натижага эришишимиз учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Бироқ Париж-2024 тайёргарлиги аввалгиларидан буткул фарқ қилади. Аввал таъкидланганидек, жамоамизга бирор бир халқаро мусобақага кетишидан олдин маълум вазифа берилади. Ёшларимиз Жаҳон кубоги босқичларида нималарга қодир эканликларини кўрсатишди. Энди шу темпда уларни Париж-2024 Олимпия ўйинлари сари тайёрлашда давом этамиз», – деди МОҚ раҳбари.
Рустам Шоабдураҳмонов мураббийларимиз билан режа бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гаплашар экан, спортчиларнинг жисмоний ҳолатини кучайтириш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, ҳозирда бутун дунёда кенг тарқалаётган коронавируснинг янги штаммидан спортчиларимиз сақлаш мақсадида спорт базаларида назоратни кучайтириш ҳақида қатъий таъкидлади.