Ру En O'z
14 Ноябрь 2021 2246

Пекин-2022 иншоотлари: Муз аренадаги оловли баҳслар

Ёзги Олимпия ўйинларидаги таассуротларимиз бизни ҳали тарк этиб улгурмасдан қишки Олимпиада ҳам эшик қоқиб келмоқда. Келгуси йил Пекин тарихда ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпиадани қабул қилган илк шаҳарга айланади. Ташкилий қўмита режасига кўра мусобақа 3 ҳудудда бўлиб ўтади: Пекин ва унинг атрофидаги Яньцин ҳамда Чжанзякоу. Бугун асосий мезбон Пекин шаҳрида ўтадиган баҳслар ва шаҳарда барпо этилган спорт объектлари ҳақида маълумот берамиз.

Аввало, ушбу шаҳарда очилиш ва ёпилиш маросими, шайбали хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг ва конькида югуриш баҳслари ўтказилишини айтиб ўтиш ўринли. Очилиш ва ёпилиш маросимига 2008 йилги ёзги Олимпия ўйинлари учун қурилган “Миллий стадион” мезбонлик қилади.

Шайбали хоккей. Баҳслар “Пекин Давлат спорт саройи” ҳамда “Леспортс-центр” ареналарида ўтказилади.

“Пекин Давлат спорт саройи”. Арена биз учун катта аҳамиятга эга. 2008 йилги Олимпиадада Екатерина Хилько ва Антон Фокин ўзбек спорти тарихига кириши айнан мана шу аренада бўлган. Келаси йил ушбу комплекс хоккей баҳсларигмезбонлик қилади. Унинг умумий сиғими 20 минг мухлисга мўлжалланган.

«Леспортс-центр”. 13 йил аввалги Олимпиадада баскетбол баҳсларини қабул қилган аренада бу гал хоккей баҳслари ўтказилади. Иншоот ушбу спортга ихтисослаштирилганида 14 минг мухлисни қабул қилиши мумкин.

“Пойтахт спорт саройи”. Нафислик ва муз устидаги тезликни хуш кўрувчиларни келгуси йил февраль ойида шу ердан топасиз. Сезганингиздек, арена Олимпиада пайти фигурали учиш ва шорт-трек баҳсларини қабул қилади.

“Пекин Миллий сув спорти комплекси”. Замонавий архитектурага эга аренада 2008 йил сузиш баҳсларида 25 та жаҳон рекорди ўрнатилганига гувоҳ бўлган эдик. Шунингдек, Майкл Фелпс инсоният тарихида бир Олимпиадада 8 та олтин медаль олгани ҳам ушбу комплексда рўй берган. Бу гал аренада кёрлинг бўйича Олимпиада чемпионларини аниқлаймиз.

“Конькида югуриш Миллий стадиони”. Арена ушбу Олимпиада учун янги қурилган ва ҳали улкан натижаларга гувоҳ бўлмаган. Дунёнинг энг кучли конькида югурувчилари февраль ойида барча кутаётган рекорд ва шиддатли баҳсларни тақдим қилади. Шу боис комплексни ухлаб ётган вулқонга ўхшатиш мумкин.

Text to speech