Дам олиш кунлари Ўзбекистон билярд федерацияси томонидан фахрийларимиз учун кўнгилочар тадбир ташкил этилди. Унда узоқ йиллар ўзбек спорти ривожи йўлида ўз кучини сафарбар қилган фахрийларимиз спортнинг ушбу тури бўйича ўзаро баҳс олиб боришди.
Мамлакат билярд федерацияси томонидан спортимиз тарихида биринчи Снукер клуби очилиши муносабати билан ташкил этилган турнирда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раҳбарияти, шунингдек МОҚ фахрийлари ҳам иштирок этдилар.
Мусобақа якунига кўра энг яхши натижани Шавкат Маҳмудов қайд этган бўлса, Сардор Мирзажонов иккинчи, Мурод Иноятов эса учинчи ўринни эгаллашди. Таъкидлаш жоиз, мусобақада иштирок этган энг кичик қатнашчи 56 ёшни қарши олганди.
Ўзбекистон билярд федерацияси раиси Ўткир Комилов тадбир якунида иштирокчиларга эсдалик совғаларини топширар экан, спорт тарғиботи йўлида кўрсатаётган давомий фаолликлари учун уларга миннатдорчилик билдирди.