Халқаро самбо федерацияси ва Россия Олимпия қўмитаси президенти билан учрашув ўтказилди
Тошкентда ўтаётган самбо бўйича жаҳон чемпионатининг мартабали меҳмонлари сифатида Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков ҳамда Россия Олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков юртимизга ташриф буюришган. Бугун ҳар икки меҳмон Туризм ва спорт вазирлигида ўзбек спорти мутасаддилари билан учрашишди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва унинг ўринбосари Аваз Каримов, Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Осиё самбо уюшмаси раҳбари Аламжон Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов иштирок этишди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон МОҚ Россия Олимпия қўмитаси билан ҳамкорлик меморандуми асосида амалий ишларни бошлаб юборган. Учрашувда ушбу ҳамкорликни янада ривожлантириш, “Тошкент-2025” Осиё ўйинларига самбо спортини ҳам киритиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда Россиядаги Халқаро Олимпия университети ва ЎзДЖСТУ билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Унга кўра, ҳар икки даргоҳ илмий адабиётлар, малакали кадрлар билан тажриба алмашиши кўзда тутилган.
Шунингдек, муҳокама марказидан икки мамлакат ҳамкорликда Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик олиб бориши, қишки ва ўйин спорт турларини ривожлантиришда вакилларимизнинг малака ошириши каби масалалар ҳам ўрин олди. Бу борада мутасаддилар турли терма жамоалар ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш мавзусига алоҳида тўхталиб ўтишди.
Йиғилиш давомида шу ва бошқа бир қатор истиқболли режалар хусусида муҳокамалар олиб борилиб, амалий келишувларга эришилди.