Жаҳон чемпионатини учта медаль билан бошладик
Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимизда самбо бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Ҳамюртларимиз мусобақанинг биринчи кун дастурида учта медалга сазовор бўлишди.
Кундузги беллашувлар якунланганидан сўнг дастурга мувофиқ мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Осиё самбо уюшмаси раҳбари Аламжон Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов иштирок этишди.
Тантанали маросимда сўзга чиққанлар Президентимизнинг юртимизда жисмоний тарбия ва спорт тарғиботига, спортни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори хусусида тўхталиб ўтишди. Ўз навбатида, Василий Шестаков ҳам бу борада илиқ фикрлар билдириб, мусобақа юқори савияда ташкил этилганини таъкидлади.
Маросим якунига етгач ҳал қилувчи беллашувларга старт берилди. Унда икки нафар ҳамюртимиз медаллар учун гиламга чиқишди. -50 кг вазн тоифасида финалга йўл олган ҳамюртимиз Сабина Давлатова беларуслик Анфиса Капаева билан кечган муросасиз баҳсда имкониятни бой бериб қўйган бўлса, -59 кг вазн тоифасида Ибодатхон Агажанова бронза медали учун кечган беллашувда коста-рикалик рақибини мағлубиятга учратди. Шунингдек, жанговор самбо бўйича +98 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Ҳакимжон Исмоилов ҳам жамоамиз ҳисобига яна бир бронза медалини тақдим қилди.