Айни пайтда мусобақада саралаш беллашувлари давом этмоқда. Эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилаётган чемпионатда Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 350 нафар боксчи ғолиблик учун курашмоқда.
Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати қизғин давом этмоқда
“Универсал” спорт мажмуасида ўтаётган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Хабарингиз бор, бу йилги мамлакат биринчилиги аввалгиларидан тубдан фарқ қилмоқда.
Мусобақанинг очилиш маросимида МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, терма жамоамизнинг мураббийлар штаби ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишди. Тадбир анча кўтаринки руҳда ўтди. Президентимизнинг спортчиларимизга йўллаган мотивацион нутқлари ўрин олган видеоролик, лазер-шоу, Шотландия ва Украинадан ташриф буюрган экспертлар, ҳакамлар қасамёди очилиш маросимининг эътиборли воқеликларидан бўлди. Ҳакамлар номидан, бокс бўйича илк Олимпиада совриндоримиз, Атланта-1996 Олимпиадаси бронза медали совриндори, ҳозирда реферелик қилаётган Карим Тўлаганов баҳсларни ҳалол ва шаффоф бошқариб боришга қасамёд қилди.