Ру En O'z
11 Декабрь 2021 1863

Ўзбекистон ва Албания МОҚ раҳбарлари учрашувида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Тошкентда ўтаётган оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида бир қатор меҳмонлар пойтахтимизга ташриф буюришмоқда. Мазкур нуфузли мусобақа доирасида Албания Олимпия қўмитаси президенти бошчилигидаги делегация МОҚда меҳмон бўлди.

Делегацияга Албания Олимпия қўмитаси президенти Фидель Елли бошчилик қилди. Уларни Қўмита раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Бош котиб Ойбек Касимов қарши олдилар. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳам иштирок этди.

Ташриф аввалида меҳмонларга Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси биноси бўйлаб кичик экскурсия ташкил этилди. Шундан сўнг Қўмитамиз музейида ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган суҳбатда Рустам Шоабдураҳмонов меҳмонларга ўзининг илиқ тилакларини билдирди.

“Оғир атлетикачиларимизнинг сўнгги Олимпия ўйинларида қўлга киритаётган олтин медаллари ўз-ўзидан эмас. Бунинг ортида Президентимиз ва давлатимизнинг спортга қаратаётган улкан эътибори турибди. Ўзбекистон бунгача оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, катталар ўртасида Осиё чемпионати ва бошқа нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилган эди. Тўпланган улкан тажриба билан катталар ўртасидаги дунё биринчилигини қабул қилмоқдамиз. Албатта, буларнинг бари ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилмоқда”, – деди МОҚ раҳбари.

Ўз навбатида, Албания Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмоновга илиқ қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб, ўзбек спортининг ютуқлари ҳақида ижобий фикрларини айтиб ўтди. Шунингдек, у ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйиш, келишув меморандумини имзолаш бўйича таклифларини илгари сурди. Бунга жавобан, Ўзбекистон МОҚ раиси ривожланиш йўлида бундай ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнун эканини таъкидлади.

Text to speech