Айни кунларда Европада 2 спорт тури бўйича жаҳон чемпионатида қизларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишмоқда. Марҳабо Магдиева стол тенниси бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган бўлса, гандболчиларимиз гуруҳ босқичи доирасидаги иккинчи учрашувни ўтказишди.

Португалияда баҳс олиб бораётган Магдиева дастлабки баҳсини италиялик Жамила Лаурентига қарши ўтказди. Тажриба бобида устун бўлган ҳамюртимиз баҳсда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у иккинчи даврада россиялик Елизавета Абрамовага қарши беллашади.

Гандболчи қизларимиз иккинчи турда ҳам имкониятни бой беришди. Бу гал уларга амалдаги жаҳон чемпиони Нидерландия термаси рақиблик қилди. Беллашув европаликларнинг 58:17 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ана энди қизларимиз учинчи ўрин учун Пуэрто-Рико жамоасига қарши майдонга тушишади. Регламентга кўра, ҳар бир гуруҳдан 3 жамоа кейинги босқичга йўл олади. Ушбу баҳс эртага бўлиб ўтади.