Ўзбекистон бокс федерацияси ҳакамлар ва мусобақа расмийлари фаолиятини ривожлантиришга бағишланган янги стратегия ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳа доирасида ҳакамлик бўйича танлов эълон қилинди, юртимизга AIBAнинг тажрибали инструкторлари таклиф этилди, шунингдек, Ўзбекистон чемпионатида ишлаш учун барча қитъадан 8 нафар уч юлдузли ҳакамлар юртимизга етиб келишмоқда.
Бугун мазкур стратегия доирасида ҳакамлар учун катта семинар бошланди. Тадбирни Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев очиб берди. Бош котиб ўз чиқишида ҳакамликни ривожлантириш долзарб масала эканлиги, ушбу йўналишни ривожлантирмай туриб, ёш ва истеъдодли боксчиларни селекция қилиб бўлмаслиги ҳақида гапирди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон бокс федерацияси халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Шоҳид Тиллабоев ҳакамлар фаолиятини ривожлантиришга оид стратегия мазмуни ҳақида тушунтириш берди. У шунингдек, бугунги семинарни олиб бориш учун юртимизга келган AIBAнинг тажрибали инструкторлари Эндрю Коулфильд (Шотландия) ва Игорь Билецкий (Украина)ни таништирди. Шунингдек, ҳакамлик йўналишини ривожлантириш стратегиясидаги лойиҳалар ҳақида гапириб берди.
Унга кўра, эндиликда бокс ҳакамлари учун «TOP-10» рейтинг тизими шакллантирилади. Ушбу рейтинг айни пайтда юртимизда бўлиб турган нейтрал, ҳорижий инструкторлар томонидан тузилади.
Семинар эртага ҳам давом эттирилади. Унда иштирокчилар учун имтиҳонлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.