Ру En O'z
12 Ноябрь 2021 1721

Мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларга ечим қидирамиз

Париж-2024 Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, бунинг учун керакли стратегия ишлаб чиқиш ҳар бир федерация ва ассоциацияларимиз олдида турган асосий вазифалардан. Бугун МОҚ раҳбарияти Қўмита мажлислар залида мутахассислар билан мавзу юзасидан атрофлича суҳбатлашиб олди. Йиғилишни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов олиб борди. Унда Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, Республика Олий спорт маҳорати мактаблари директорлари, федерация ва ассоциацияларнинг тегишли мутасаддилари иштирок этишди.

Даставвал, Рустам Шоабдураҳмонов олдинда турган мақсад ва вазифалар ҳақида гапириб ўтди.

“Токио ва Париж Олимпиадаларига бўлган тайёргарлик жуда кескин фарқ қилади. Бу гал янги ёндашув ва методикалар билан ҳозирлик кўрамиз. Муҳтарам Президентимиз Олимпия ўйинларига олиб борадиган тайёргарлигимизни қўллаб-қувватламоқдалар. Тан олиш керак, кўпчиликда муаммолар бор. Айниқса, асосий жамоа мунтазам шуғулланадиган база бўйича. Ҳозир ҳар бир федерациямиз спортчилари ва мураббийлар билан бекорга бирма-бир учрашмаяпмиз. Уларнинг олдиларида турган мақсадга эриша олишига ишонтиришимиз, давлатимиз уларнинг ортида турганини кўрсатишимиз керак”, – деди МОҚ раҳбари.

Йиғилиш давомида хорижлик мураббий ва бошқа йўналишдаги мутахассисларга эҳтиёж сезаётган федерациялар улар билан тезроқ келишувга эришиш, спорт тиббиёти йўналишида ҳам керакли витамин ва дори-дармонлар рўйхатини шакллантириб олиш, вилоятлардаги мутахассислар ишини янада кучайтириш бўйича фикрлар билдирилди. Шунингдек, федерацияларга имкон қадар тез фурсатда мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларга ечим бўладиган таклифларни тақдим қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Text to speech