МОҚ раиси маслаҳатчиси Шерзод Асатуллаев янги лавозимга сайланди
«Осиё болалари» ўйинлари ташкилий қўмитаси бошқарувининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йирик мусобақа ХОҚ шафелигида 1996 йилдан бошлаб ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. Турнир бутун Осиё қитъаси билан бир қаторда Европанинг айрим давлатларини қамраб олади. Мусобақа Россия Федерацияси Саха Республикаси (Якутия) биринчи президенти ташаббуси билан замонавий Олимпия ҳаракатининг 100 йиллигини нишонлаш мақсадида ташкил этилган.
Бошқарув йиғилиши якунларига келсак, унда ташкилот Бош котиби лавозимига ҳамюртимиз, Ўзбекистон МОҚ раиси маслаҳатчиси Шерзод Асатуллаев номзоди кўрсатилди ва қўмита аъзолари бир овоздан Шерзод Ҳасанходжиевич номзодини қўллаб-қувватлашди. Шу тариқа, Шерзод Асатуллаев “Осиё болалари” ўйинлари Халқаро ташкилотининг Бош котиби этиб сайланди.
Таъкидлаш жоиз, ҳамюртимиз спорт ва халқаро муносабатлар соҳасида тажрибали мутахассис ҳисобланади. У 2012 йилдан буён ушбу ташкилотда бош директор ўринбосари ва Президент маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Шерзод Асатуллаевга янги лавозимида омад тилаб қолади.