Тошкентда шахмат бўйича “Президент кубоги” старт олди
Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида шахмат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бошланди.
Мусобақадан аввал унга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарияти, турнир рефериси, арманистонлик таниқли халқаро ҳакам Ашот Вардапетян, турнир директори Аҳмаджон Эркабоев ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Даставвал ОАВ вакилларига мусобақа ҳақида қисқача маълумот берилди. Бугунги пандемик вазиятда “Президент кубоги” халқаро турнирига дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган 27 нафар гроссмейстер, 16 нафар халқаро гроссмейстер, кўплаб ФИДЕ устаси ҳамда спорт усталари иштирок этаётгани мусобақанинг нуфузи анча юқори эканлигидан дарак беради.
Шундан сўнг турнирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов иштирок этди ҳамда 17-жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Рустам Қосимжоновга қарши рамзий юриш билан халқаро турнирни очиб берди.
Халқаро турнир швейцарча тизим бўйича икки босқичда – гуруҳ босқичи (онлайн) ва финал (7 тур, тахта устида), шунингдек, асосий босқич (10 тур) бўйича ўтказилади.
Мусобақада Ўзбекистон шарафини Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Жавоҳир Синдоров каби ёш ва иқтидорли гроссмейстерларимиз ҳимоя қилишади.
Эслатиб ўтамиз, “Президент кубоги” халқаро турнирининг умумий мукофот жамғармаси 120 000 АҚШ долларини ташкил қилади.