Париж-2024: Муҳокама марказида гимнастика ва стол тенниси федерациялари
Президентимизнинг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарори бўйича ўтказилаётган йиғилишлар давом этади. Бугун Ўзбекистон гимнастика ва стол тенниси федерациялари билан учрашув ўтказилди.
Даставвал Руслан Мустаев бошчилигидаги гимнастикачиларимиз МОҚ раҳбарияти билан учрашди. Унда Қўмита раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов федерация мутасаддиларини қабул қилди.
Йиғилиш аввалида Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаев Токио-2020 цикли бўйича ҳисобот берди. Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида пойтахтимиздаги Гимнастика залининг коронавирус билан касалланган ҳамюртларимиз учун вақтинчалик шифохонага айлангани сабаб спортчилар асосий машғулот залисиз қолди ва натижада тайёргарлик етарли даражада бўлмади. МОҚ раҳбарияти мазкур масалага келажакда ижобий жавоб топишга, асосий жамоа мунтазам машғулот олиб борадиган зал бириктирилиши ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг МОҚ раҳбари ҳар бир йўналишдаги ёшларимиз, уларнинг тренерлари билан олдиндаги мақсадлари, режалари ҳақида гаплашди.
Афсуски, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон стол тенниси федерацияси билан йиғилиш кутилганидек ўтказилмади. Таклиф этилган бўлса ҳам федерациядаги ички келишмовчилик сабаб терма жамоа мураббийи Георгий Цой ва унинг шогирдлари ушбу йиғилишга келишмади. Шу боис Спорт ўйинлари бўйича Республика Олий спорт маҳорат мактаби директори Жасур Акрамов, федерация бош котиби, ижрочи директор ва бошқа мутахассислар билан муҳокама олиб борилди.
Афсуски, мана шундай ички низолар сабабли сўнгги йилларда ушбу спорт турида халқаро майдонда айтарли натижага эриша олаётганимиз йўқ. Жумладан, Токио-2020 Олимпиадасига ҳам лицензия қўлга киритилмади. Париж-2024 тайёргарлиги мутлақо бошқача стратегия асосида ташкил этилади. Унда ҳар бир спортчи МОҚ билан тузиладиган шартнома асосида шуғулланиши, уларнинг зиммаларига масъулият юклатилиши муҳим жиҳатлардан бири бўлади.
Узоқ давом этган суҳбатда асосий эътибор лицензияга даъвогар спортчиларимизни хориж клубларида тажриба алмашишлари учун Европага жўнатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилди. МОҚ раҳбарияти бу борада учрашувга келган ягона спортчи Сўғдиёна Мадалиева билан суҳбатлаша олди холос.