Ру En O'z
10 Ноябрь 2021 2058

Ўзбекистон дзюдо федерациясида “Спорт зўравонликка қарши” шиори остида тадбир ўтказилди

Сўнгги пайтларда спортчиларимиз билан юзага келаётган бир қатор нохуш ҳолатлар улар билан маънавий-маърифий соҳада кўпроқ ишлашни талаб қилмоқда. Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон дзюдо федерациясида “Спорт зўравонликка қарши” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда тегишли ташкилот мутасаддилари, федерация ва ассоциация вакиллари, фахрий меҳмонлар, спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Тадбир давомида соҳа мутахассислари ҳукуматимиз бошчилигида бу борада олиб борилаётган ишлар, йўлга қўйилаётган дастурлар ҳақида маълумот беришди.

Тадбирни МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди ва мавзунинг долзарблиги бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

“Афсуски, сўнгги пайтлар рўй бераётган нохуш вазиятларга спортчиларимиз ҳам аралашиб қолмоқда. Бу барчамизни хавотирга солади. Шу боис вазият барчамиздан янада кўпроқ эътибор талаб қилади. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб бу масалага ечиб қидиришимиз керак. Бугун ана шу ечим йўналишларини муҳокама қилиш учун йиғилганмиз. Шубҳасиз, унда маънавий тарбияга кўпроқ аҳамият қаратиш жуда муҳим”.

Бу борада МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳам сўзга чиқди.

“Ҳақиқатан ҳам бугунги йиғилишимизнинг мавзуси жуда ҳам муҳим. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. Шубҳасиз, бу борада спорт йўналишининг ҳам ўзига яраша хизмати бор. Айниқса, ёшларимизнинг бўш вақтларини спорт билан машғул қилиш олдимизда турган асосий вазифалардан бири. Биз ёшларимизнинг онгини, бўш вақтларини спорт билан, маънавият билан банд қилишимиз керак. Тарихдан мисоллар кўп, агар биз ёшларимизнинг бўш вақтини банд қилмасак, бу иш билан бошқалар шуғулланади. Шунинг учун бунга жиддий аҳамият қаратишимиз, ҳар бир терма жамоада спортчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкиллаштиришимиз шарт”, – деди А.Камилов.

Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия мутасаддилари, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Халқаро дзюдо федерацияси Бош рефери директори Армен Багдасаров ва бошқа мутасаддилар ҳам сўзга чиқиб, тадбирда иштирок этган спортчиларга мавзу юзасидан ўз тавсияларини беришди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан марҳум дзюдочи Камолиддин Расулов ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирилди.

Тадбирда иштирок этган Токио Олимпиадаси чемпионлари Баҳодир Жалолов ва Улуғбек Рашитов, жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин сўзга чиқиб, ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ёш дзюдочиларга мотивация беришди. Терма жамоа шифокори Азиз Қаюмов спортда тақиқланган моддалар, уларнинг асоратлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Йиғилиш якунида федерацияда маънавий-маърифий йўналишни кучайтириш, тегишли дастурларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди ва бу соҳадаги тадбирларни давом эттириш бўйича келишиб олинди.

Text to speech