Ру En O'z
10 Ноябрь 2021 1910

Андрей Абдувалиев: “Париж-2024 Олимпиадасига камида 12 та йўлланма ва 1 та медаль режалаштирганмиз”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарорида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси билан йиғилиш ўтказилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Андрей Абдувалиев бошчилигидаги Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Даставвал Андрей Абдувалиев Токио-2020 даври ҳисоботи ва Париж-2024 циклида тайёргарлик режалари билан бўлишди.

“Бу гал ўз олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Париж-2024 Олимпиадасига 12 тадан кам бўлмаган йўлланма ва унда 1 та медаль олишни режалаштирганмиз. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарор биз учун дастурул амал бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, ҳар 3-6 ой муддатда спортчиларимизнинг натижаларини, улардаги ҳар қандай ўзгаришларни назорат қилиб борамиз”, – деди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси.

Шунингдек, Рустам Шоабдураҳмонов ҳам бу борадаги фикрлари билан қуйидагича ўртоқлашди:

“Париж Олимпиадасига тайёргарлик Токиодаги билан бутунлай фарқ қилади. Ҳамкасбларимиз билан ўтган Олимпиадани батафсил таҳлил қилиб чиқдик. Давлатимиз раҳбари Париж-2024га тайёргарликда ҳам бизни қўллаб-қувватламоқдалар. Биз эса бунга юқори натижаларимиз билан муносиб жавоб беришимиз керак”.

Йиғилиш давомида терма жамоа бош мураббийи Гўзал Ҳуббиева Париж Олимпиадасига даъвогар барча спортчиларимиз, уларнинг шахсий рекорди ва янги циклда уларга қўйилган вазифа ҳақида маълумот берди. МОҚ раҳбари номлари кўрсатиб ўтилган барча атлетларимиз ва уларнинг мураббийлари билан бирма-бир суҳбатлашиб, бу борадаги режа ва мақсадлари хусусидаги саволларига жавоб олди. Ўз навбатида, барча спортчиларимиз қўйилган мақсадга эришишлари учун бор кучлари билан ҳаракат қилишга ва вазифани бажаришга ваъда беришди.

Text to speech