Тошкентда спорт тиббиёти йўналишида халқаро илмий-амалий конференция бошланди
Бугун пойтахтимиздаги «Tashkent International hotel» меҳмонхонасида «Спорт тиббиёти ва реабилитациясида инновацион ёндашувларнинг долзарб масалалари ва истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Семинарнинг очилиш маросимида МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Абдушукур Садиков бошчилигидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази вакиллари, юртимизнинг таниқли спорт тиббиёти вакиллари, меҳмонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, давлатимизнинг спортга, хусусан, соғлом турмуш тарзи ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратаётган эътибори хусусида тўхталиб, тадбир иштирокчиларига самимий тилакларини билдирди. Шундан сўнг Абдушукур Садиков соғлиқни сақлаш тизими, спорт тиббиёти бўйича сўнгги ютуқлар ҳақида гапириб ўтди.
Халқаро семинарда дастлаб россиялик профессор Борис Поляев “Россия Федерациясида спорт тиббиётнинг ютуқлари ва муаммолари” мавзусида маъруза қилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу конференцияда Германия, Италия, Англия, Россия, Украина, Латвия ва Беларусь давлатларидан ташриф буюрган меҳмонлар, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар спорт тиббиёти, физиологияси, психологияси, генетикаси ва фармакологияси соҳасидаги нуфузли олимлар, шифокорлар ҳам мавзу юзасидан сўнгги ютуқ ва методика бўйича фикр алмашишади.
Халқаро семинар куннинг иккинчи ярмида 3 секцион йиғилишда: “Tashkent International hotel” меҳмонхонасининг 2 зали ва МОҚ биносида ўз ишини давом эттиради.