Рустам Ямбулатов, Шуҳрат Мамадалиев ва Илиас Илиадисни табриклаймиз!
Бугун ўзбек спортида ўз ўрнига эга бўлган 3 таниқли мутахассис таваллуд айёмини нишонламоқда.
Рустам Ямбулатов 1950 йил 10 ноябрда таваллуд топган. Стенддан отиш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, ХХII Олимпия ўйинларининг кумуш медал соҳиби (1980), Европа кубоги ғолиби. 1981 йилги жаҳон чемпионатига Олимпиада совриндори сифатида қатнашган спортчимиз жамоавий беллашувларда ғолиб (1981) бўлди. Умумжамоа ҳисобида жаҳон чемпионатининг икки карра кумуш медалини (1979, 1985) қўлга киритди. Икки карра Европа чемпиони (1979, 1981), уч карра Европа кубоги соҳиби (1981) бўлди. Бир неча бор қитъа мусобақасида совриндорлар сафидан ҳам жой олган. Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиуми Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.
Шуҳрат Мамадалиев 2016 йилдан бери Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби сифатида фаолият олиб бормоқда. Терма жамоамиз эришаётган муваффақиятларда Шуҳрат Фарҳадовичнинг ҳам ҳиссаси бор. Жумладан, 2019 йил Қозоғистонда ўтган жаҳон чемпионатида юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритганида ушбу мутахассиснинг хизматлари катта.
Илиас Илиадис 1986 йил 10 ноябрда Грузияда таваллуд топган. Спортчилик фаолиятини Греция жамоаси билан боғлаган Илиадис Афина-2004 Олимпия ўйинларида 17 ёшида чемпионга айланди. Лондон-2012 Олимпиадасида эса бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, унинг ҳисобида жаҳон чемпионатларининг 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медаллари мавжуд. Илиадис 2 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоасида мураббийлик қилмоқда ва унинг қўл остида полвонларимиз янги марраларни забт этишмоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бугун таваллуд кунини нишонлаётган барча вакилларимизни табриклаб, уларга узоқ умр ва сиҳат саломатлик тилаб қолади.