Ру En O'z
9 Ноябрь 2021 2087

Эшкак эшиш ва спорт курашлари бўйича стратегия яна бир бор кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарорининг имзоланиши барча федерация ва ассоциация мутасаддиларида бўлажак Олимпиадага тайёргарлик масъулиятини янада оширмоқда. Бугун Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси ҳамда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси билан тайёргарлик режалари яна бир бор муҳокама қилинди.

Дастлаб Rowing&Canoe федерацияси мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, федерация бош ҳомийси Энергетика вазирлиги, Сув спорти турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорат мактаби вакиллари, Вячеслав Дидрих бошчилигидаги федерация мутасаддилари, мураббийлар штаби иштирок этди. Таъкидлаш жоиз, йиғилиш танқидий руҳда ўтиб, тайёргарлик стратегияси бир неча бор муҳокама қилинаётган бўлса ҳам мураббийларнинг режаси пухта ишлаб чиқилмагани юзасидан кескин фикрлар билдирилди.

Ўз навбатида, федерация вакиллари Париж-2024 Олимпиадасига 11 та йўлланма кўзланаётгани, бу борада Франция ва бир қатор мамлакатлар билан ҳамкорлик режалаштирилганини маълум қилишди.

Куннинг иккинчи ярмида спорт курашлари бўйича тайёргарлик стратегияси муҳокама қилинди. Унда Спортнинг яккакураш турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиев ва терма жамоа мураббийлар штаби қатнашди.

Аҳамиятлиси, ассоциация Париж-2024 Олимпиадасига маҳаллийлаштирилган спортчиларсиз йўлланма олишни режалаштирган. Шунингдек, илк бор аёллар курашида ҳам лицензия қўлга киритиш ассоциация олдида турган устувор вазифалардан экани маълум қилинди.

Суҳбат давомида келгуси йил Тошкентда соврин жамғармаси катта бўлган халқаро мусобақа ташкиллаштириш орқали ушбу спорт турини ёшларимиз орасида янада оммалаштириш, спортчиларимиз маҳоратини ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Text to speech