Шу кунларда пойтахтимиздаги “Саховат спорт сервис” сузиш ҳавзасида синхрон сузиш бўйича ўсмир ва ёшлар ўртасида мамлакат кубоги баҳслари ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақа доирасида синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Динара Ибрагимова ҳамда мураббийлар Оксана Бортникова ва Элмира Файзуллаева бошчилигида маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этилмоқда.
“Ўзбекистон кубоги баҳсларида Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган кўплаб истеъдодли спортчилар иштирок этишмоқда. Маҳорат сабоқларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад улар орасидан энг иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва терма жамоа машғулотларига жалб этишдан иборат. Унда мураббийлар ҳам қатнашишди. Биз уларга машқларни ҳар томонлама мукаммал ишлаб чиқиш учун айнан қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида маълумот бердик. Албатта, бу ерда олинган назарий ва амалий билимлар мураббийлар учун ҳам жуда муҳим. Умид қиламанки, мамлакат кубоги доирасида ташкил этилаётган маҳорат сабоқлари юртимизда синхрон сузиш спорт турини ривожланиши ҳамда иқтидорлар сафини янада кенгайишига хизмат қилади”, – дейди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Динара Ибрагимова
Ўзбекистон кубоги баҳслари бугун якунига етади.